ВсеЖАҲОН

«Янги даврни очадиган янгилик»: Эрдўған Қора денгизда катта миқдордаги табиий газ захираси топилгани ҳақида

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Қора денгизда Туркия тарихидаги энг катта табиий газ захиралари топилганини маълум қилди. Долмабаҳче идорасида матбуот анжумани ўтказган президент Эрдўған «мамлакатнинг миллий энергия ва кон сиёсати янгидан белгилангани» ҳақида гапирган.

Топилган табиий газ захираси ҳақида қандай тафсилотлар маълум?

«Фотиҳ» бурғилаш кемаси 2020 йил 20 июлдан бери Зонгулдакдан тахминан 170 километр нарида жойлашган Туна-1 тадқиқот қудуғида ишлаётган эди.

Изланишлар натижасида 2100 метр чуқурликда 320 миллиард кубометр табиий газ захираси топилган.

Энергия ва табиий манбалар вазири Фатиҳ Дўнмез 500 метр чуқурликдаги захира қатлами аниқлангани ва сейсмик изланишлар давом этаётганини таъкидлади.

«1000 метрдан чуқурликка кириб борилади. Сейсмик маълумотлар ер тубида яна иккита қатлам борлигини кўрсатмоқда», деди у.

Эрдўғаннинг баёнотидан олдин, Reuters ахборот агентлигига интервью берган турк амалдорлари минтақада жами 800 миллиард кубометр захира борлиги тахмин қилинаётганини айтишганди.

Изланиш ишлари олиб бориладиган майдон 250 квадрат километрни ташкил этади. Бу минтақада янги қудуқларни очиш ҳам мақсад қилинган.

Энергия вазири Дўнмез топилган табиий газнинг сифати ҳам юқори эканлигини айтди.

Эрдўған ўз нутқида нималар деди?

Президент Эрдўған илгари Қора денгизда халқаро энергия компаниялари билан ҳамкорликда кўплаб қидирув ишлари олиб борилганини, аммо улар ҳеч қандай натижа бермаганини эслатди.

«Биз ўшанда бир неча саҳифали ҳисоботлардан бошқа ҳеч нарса ололмагандик» деди у.

Эрдўған, шунингдек, Туркия миллий энергия ва тоғ-кон сиёсатини янгидан – энг бошидан белгилаб олгани ҳақида гапирган.

«Денгиздаги бурғилаш кемаларимиз сафига 3та бурғилаш кемасини ҳам қўшдик. Биз бу соҳада дунёдаги етакчи давлатлардан бирига айландик. 3та бурғилаш ва 2та сейсмик тадқиқот кемаларимизда ўз техникаларимиз ва ўз кадрларимиз фаолият олиб бормоқда», дея қўшимча қилди у.

Эрдўған энергия мустақиллиги муҳимлигини таъкидлади.

«Энергия ривожланишининг асоси бўлиш билан бир қаторда миллий мустақилликни ўрнатишда ҳам катта аҳамиятга эга. Мамлакатлар томонидан илгари сурилган қарашларнинг амалга ошиши энергия барқарорлигига мутаносибдир», деди у.

TPAO’нинг Қора денгиздаги фаолияти қандай?

Туркия нефть корпорацияси (TPAO) 2004 йилдан бери Қора денгизда углеводород конларини қидириш ишларини турли халқаро энергия компаниялари билан амалга оширмоқда.

Минтақада шу пайтгача 6та чуқур денгиз ва 10 саёз сув қудуқлари қазилган.

Акчакоча-3 ва Акчакоча-4 қудуқларида газ топилганидан сўнг, Акчакоча ишлаб чиқариш майдончасида қазилган қудуқлар сони 24тага етказилди.

Туна-1 қудуғи Зонгулдакдан 170 километр нарида қазилган. «Фотиҳ» бурғилаш кемаси минтақада 20 июлдан бери фаолият юритмоқда.

Туна-1 қудуғи Туркия, Болгария ва Руминиянинг ҳудудий сувлари чорраҳасида – 2012 йилда Руминияда топилган Нептун табиий газ кони яқинида жойлашган.

Руминия саккиз йил олдин АҚШнинг Exxon ва Австриянинг OMV компаниялари томонидан ўтказилган қидирув ишлари натижасида захира конини топишга муваффақ бўлганди. Ушбу захиранинг ҳажми тахминан 80 миллиард кубометр деб эълон қилинганди.

Очилган қудуқдан газ етказиб бериш 2021 йилда бошланиши кутилмоқда.

TPAO Туна-1 қудуғи қазилган ҳудудда учта янги қудуқ қазишни мақсад қилган.

Website | Facebook | Instagram | Twitter Telegram

Батафсил курмоқ

Ухсас жаналықлар

Изах қалдырыу

Э-пошта мекенжайыңыз жарияланбайды. Міндетті өрістер * таңбаланған

Back to top button
Close
Close