ВсеЖАҲОН

Дунёдаги вазият: Франция ва Германияда вирус тарқалиши яна тезлашди

Европанинг бир неча давлатларида коронавирус билан касалланиш ҳолатлари сони кескин ортиб кетди. Германия Бельгиянинг Антверпенини хавф ҳудуди деб атади. Польшанинг бир неча туманларида ниқоб кийиш мажбурий этиб белгиланди. Лос-Анжелесда тунги тадбирларга қарши сув ва электр токини ўчириб қўйиш орқали курашишга қарор қилинди.

Дунё бўйлаб коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 18,8 миллиондан ортди. Пандемия бошидан бери 708,3 минг киши ҳаётдан кўз юмган. 

Европадаги янги касалланиш ҳолатлари сонида кескин ўсиш

Европанинг бир неча давлатлари, хусусан Франция, Испания ва Грецияда коронавирус юқтириб олган беморлар сони ортиб бормоқда. Мутахассислар таътиллар мавсумининг ушбу ҳудудларда пандемиянинг иккинчи тўлқини авж олишига туртки бўлишидан хавотирда.

Франция бўйлаб бир кунда 1695та касалланиш ҳолати қайд этилди. Бу сўнгги икки ой ичидаги энг юқори кўрсаткичдир. Пандемия бошидан бери мамлакатда 228,5 минг киши янги коронавирусни юқтириб олган.

Франция ўлим ҳолатлари бўйича Европада Британия ва Италиядан кейинги учинчи ўринга кўтарилди (30 мингдан ортиқ).

Тулуза шаҳрида вирус юқтириш ҳолатлари кўпайиши ортидан ҳатто очиқ осмон остидаги кўп одам тўпланадиган жойларда ниқобда бўлиши мажбурий этиб белгиланди. Бу кабиларга, мисол учун, гавжум савдо кўчалари ва парклар киради. Аввалроқ худди шундай чоралар бир нечта бошқа катта шаҳарларда, масалан Лиллда жорий этилган ва Париж учун ҳам тавсия қилинган.

Карантин чоралари июнь ойида енгиллаштирила бошланган Испанияда сўнгги 24 соат ичида 1772 нафар инсоннинг коронавирус тестида мусбат натижа қайд этилди. Мамлакат бўйлаб умумий касалланиш ҳолатлари сони 305,7 мингдан ортиқ.

Швейцария Испаниядан келганлар учун икки ҳафталик мажбурий карантин жорий этди. Канар ва Балеар оролларида бўлиб қайтган саёҳатчилар қоидадан истисно қилинган. Худди шу каби чоралар бошқа бир неча давлатларда ҳам амал қилмоқда.

Шунингдек, Грецияда ҳам янги касалланиш ҳолатларида катта ўсиш кузатилган. У ерда бир кун ичида қайд этилган янги ҳолатлар сони 124та. Бош вазир Кириакос Мицотакис мамлакат аҳолисига қилган мурожаатида, қатъий чоралар кўришга мажбурлигини билдириб, бепарволикка йўл қўймасликка чақирган.

Германия Антверпенни хавф ҳудуди деб атади
Германиянинг санитар-эпидемиологик назорат хизмати Бельгиянинг Антверпен шаҳрини хавф ҳудуди деб атади ва шу сабабли у ердан келувчилар ўзини изоляция қилиши керак бўлади.

Роберт Кох институти Германиянинг ўзида кунлик касалланиш ҳолатлари бўйича сўнгги уч ойдаги энг юқори ҳолат кузатилганини хабар қилди – 1045 бемор. 7 май санасидан буён бу кўрсаткич биринчи марта мингтадан ортиб кетди.

Касалланиш ҳолатлари ортиши июнь ойида Шимолий Рейн-Вестфалиядаги гўшт фабрикасида рўй бергани каби бирор маҳаллий авж олиш ўчоғига боғлиқ эмас. Маълум қилинишича, ҳолатлар мамлакат бўйлаб деярли бир хилда тарқалган. Мутахассислар воқеаларнинг бу каби ривожини алоҳида ҳудудларда карантин жорий этиш тўхтатиб қололмаслигидан хавотирда.

Тахминларга кўра, касалланиш ҳолатлари минглаб немисларнинг таътилдан қайтиши ва баъзи ҳудудларда янги ўқув йилининг бошланиши билан алоқадор бўлиши мумкин.

Польша соғлиқни сақлаш вазири Лукаш Шумовский баъзи туманларда, жумладан мамлакат жануби ва шарқида, ниқоб тақиш қайтадан мажбурий ҳисобланишини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, Covid-19’ни юқтириш ҳолатлари сони ортиши сабабли ушбу чеклов касалланиш даражаси юқори бўлган 19 административ бирликка тааллуқлидир.

Лос-Анжелесда зиёфатларга қарши кураш
Лос-Анжелесда аксарият ҳолларда вирус тарқалиш ўчоғига айланаётган йирик зиёфатларга қарши курашиш усули ўйлаб топилди. Шаҳар мэри Эрик Гарсетти ўз администрациясига жума кунидан бошлаб зиёфатлар уюштирилган биноларда электр ва сувни ўчириш ҳуқуқини берди.

Аввалроқ ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар бўйича дастури ижрочи директори Майк Райан коронавирус тарқалишини секинлаштириш учун барча мамлакатлардаги ёшлар зиёфатларга нисбатан ўз қарашларини ўзгартиришлари кераклигини айтганди.

«Ёшлар жавобгарлик уларнинг зиммасида эканини тушунишлари керак. Ўзингизга савол беринг – ушбу кечага боришим шартми? Клубга ёки дискотекага боришим ўринлими?», деган Райан.

ЖССТ директори Тедрос Адханом Гебрейесус ҳам ёшларни фикрлашга чақириб, уларнинг танлови кимнингдир ҳаётига тенг бўлишини билдирган.

Website | Facebook | Instagram | Twitter Telegram

Батафсил курмоқ

Ухсас жаналықлар

Изах қалдырыу

Э-пошта мекенжайыңыз жарияланбайды. Міндетті өрістер * таңбаланған

Back to top button
Close
Close